7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Тожикистон товар айланмасини $2 млрдга етказишни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Тожикистон товар айланмасини $2 млрдга етказишни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Тожикистон товар айланмасини $2 млрдга етказишни муҳокама қилди / Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Тожикистон 2030 йилга қадар ўзаро товар айланмасини 2 миллиард долларга етказиш чораларини муҳокама қилди. Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича кейинги қадамлар тўғрисида протокол имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Музокаралар 13 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтди. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев Тожикистон иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири ўринбосари Рухшона Насриддинзода билан учрашди.

Тожикистон делегацияси таркибидан, шунингдек, транспорт вазири ўринбосари Шоиста Саидмуродзода, саноат ва янги технологиялар вазири ўринбосари Азиз Назар ҳамда тегишли идоралар вакиллари ўрин олди.

Учрашув иштирокчилари икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини 2030 йилга қадар 2 миллиард долларга етказиш дастурининг амалга оширилишини кўриб чиқди.

Савдо тўсиқларини бартараф этиш ва «Жартепа» чегараолди савдо ҳудудини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар қўшма саноат лойиҳалари ҳамда Тожикистон-Ўзбекистон инвестиция компанияси фаолиятини ҳам муҳокама қилди.

Ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида тўқимачилик саноати, металлургия ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳалари қайд этилди.

Музокаралар якунлари бўйича эришилган келишувлар, аниқ чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатларини белгилаб берувчи протокол имзоланди.

Ташриф доирасида Тожикистон делегацияси Ўзбекистон корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари билан ҳам танишди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.