Иқтисод

Ўзбекистон тўққиз ойда 44,3 млрд долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирди

Ўзбекистон тўққиз ойда 44,3 млрд долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирди
Ўзбекистон тўққиз ойда 44,3 млрд долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 44,3 млрд долларлик хорижий инвестициялар ва кредит маблағлари ўзлаштирилди. Ушбу даврда умумий қиймати 3,8 млрд доллар бўлган 106 та йирик лойиҳа ишга туширилди. Улар доирасида 13,8 мингта иш ўрни яратилди.

Бу маълумотлар инвестициялар билан боғлиқ лойиҳаларнинг ҳудудларда амалга оширилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ва инвесторлар билан ҳамкорликни такомиллаштириш масалалари юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов берган жавобда келтирилган.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини рақамли мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилган. У лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида аниқлашга қаратилган.

Шунингдек, махсус иқтисодий зоналарни бошқаришни такомиллаштириш ҳамда давлат кафолати остида жалб қилинган хорижий кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Махсус иқтисодий зоналар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш доирасида «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари Ўзбекистоннинг халқаро савдо мажбуриятларига босқичма-босқич мувофиқлаштирилмоқда.

Парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқиш жараёнида депутатлар инвестиция фаолияти самарадорлигини фақат ўзлаштирилган маблағлар ҳажми билан эмас, балки қўшилган қиймат яратиш, барқарор бандликни таъминлаш, маҳаллий корхоналар билан кооперацияни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигига таъсирини ҳисобга олган ҳолда баҳолаш зарурлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан ҳудудларнинг салоҳияти ва ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий самарадорлиги юқори лойиҳаларни танлаш, маҳаллий корхоналар билан ишлаб чиқариш алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда инвестиция ташаббусларини аниқ натижаларга йўналтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Депутатлар ушбу соҳада парламент назоратини амалга ошириш қонунчилик ижросини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва масъул давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш имконини беришини қайд этди.

Парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқиш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.