Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Lasselsberger Group бош директори Йозеф Лассельсбергер билан учрашди.
Учрашувда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга инвестициялар жалб қилиш ва вилоятда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Lasselsberger Group Европанинг қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи етакчи компанияларидан бири ҳисобланади.
Музокаралар давомида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, компаниянинг халқаро тажрибаси ва илғор технологияларидан фойдаланган ҳолда вилоятда янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди. Маҳаллий хомашё ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар истиқболли йўналишлар бўйича фикр алмашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.
Lasselsberger Group 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 26 та мамлакатда 62 та филиалга эга.
Ўзбекистонда компания билан ҳамкорликда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга қаратилган бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар Тошкент вилоятидан ташқари Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини ҳам қамраб олган.