Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда меҳнат стажини тасдиқлаш, пенсия устамаларини ҳисоблаш ва айрим тўловларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилади.
Ўзгаришлар 19 октябрда қабул қилинган ҳукумат қарорида назарда тутилган бўлиб, улар Пенсия жамғармаси фаолиятини янада ихчам тизимга ўтказишга қаратилган.
Ҳужжат билан 2022 йилда тасдиқланган пенсияларни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилмоқда. Ушбу чоралар фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кенгайтириш ва пенсия хизматларидан фойдаланишни осонлаштиришга хизмат қилади.
2005–2016 йилларда ташкилотларда ишлаган фуқаролар учун меҳнат стажини тасдиқлаш тартиби соддалаштирилади.
Агар тегишли ёзувлар меҳнат дафтарчасида мавжуд бўлса ва иш берувчи ходимнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига мажбурий бадалларни йилига камида бир марта ўтказиб келган бўлса, ушбу давр архив маълумотномасини тақдим этмасдан меҳнат стажига қўшилади.
18 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани парваришлаш даври ҳам меҳнат стажига киритилади. Бунинг учун қўшимча ҳужжатлар талаб этилмасдан, электрон тиббий хулоса тақдим этилиши кифоя қилади.
Фуқарога тегишли пенсия устамаларининг энг юқори миқдори проактив тартибда, яъни олувчининг аризасисиз ҳисобланади.
Ногиронлик гуруҳи қайта белгиланган ёки унинг муддати узайтирилганидан кейин пенсия тўловини давом эттириш, I гуруҳ ногиронлиги белгиланганда пенсияни қайта ҳисоблаш, шунингдек, оила аъзолари сони ўзгарганида боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдорини ўзгартириш ҳам автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади.
Бундан ташқари, 100 ёшга тўлган фуқароларга устамалар проактив тартибда тайинланади ва тўланади.
ID-карта амал қилиш муддати тугагани ёки ҳужжат муддатидан олдин алмаштирилгани сабабли янгиланганда ҳам пенсия тўлови давом эттирилади.
Пенсионерлар яшаш жойини ўзгартирганда пенсия тўловларини янги манзилга ўтказиш учун ариза бериш тартиби ҳам соддалаштирилади. Бу хизматдан давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланиш мумкин бўлади.