Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Францияда инсультни бошдан кечирган 32 ёшли Ўзбекистон фуқароси Лазизхон Эргашев махсус тиббий рейс орқали ватанга олиб келинди. Самолёт 14 ноябрьга ўтар кечаси Париждан Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.
Аввалроқ эркакнинг онаси ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиб, ўғлини Ўзбекистонга қайтаришда ёрдам сўраган эди. Унинг мурожаати Миграция агентлиги томонидан тезкор назоратга олинди.
Эргашев халқаро юк ташиш соҳасида ҳайдовчи бўлиб ишлаган. 11 октябрь куни унинг соғлиғи кескин ёмонлашган ва шундан сўнг у Франциядаги шифохонага ётқизилган.
Кейинчалик беморнинг аҳволи оғирлашиб, у ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратига уланган.
9 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Uzbekistan Airways авиакомпанияси ҳамда Франциядаги шифохона вакиллари фуқарони ватанга қайтариш учун зарур чораларни келишиб олди.
12 ноябрь куни Францияга уч нафар тиббиёт ходимидан иборат махсус бригада юборилди.
14 ноябрьга ўтар кечаси бемор шифокорлар назорати остида Париждан Тошкентга олиб келинди. Ташиш жараёнида махсус тиббий ускуналардан фойдаланилди.
Фуқарони ватанга қайтариш билан боғлиқ харажатлар Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланди.