Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Польша делегацияси билан учрашди. Делегацияга мамлакат президентининг Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси Радослав Грук бошчилик қилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда Польша Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири экани таъкидланди. Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш омили сифатида ҳам кўриб чиқилмоқда.
Учрашув иштирокчилари парламент мулоқотини мунтазам йўлга қўйиш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ва соҳавий қўмиталар фаолиятини жадаллаштириш зарурлигини қайд этди. Ҳудудий вакиллик органлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Қўшма ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида 2027–2028 йилларга мўлжалланган парламентлараро ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бундан ташқари, томонлар 2027 йилда Ўзбекистон ва Польша ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигига бағишланган қўшма парламент форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Иқтисодий соҳада транспорт-логистика ҳамкорлиги, ўзбек маҳсулотларининг Европа бозорларига чиқишига кўмаклашиш ва туризмни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Суҳбатдошлар таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам кўриб чиқди. Олий таълим муассасалари ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Яна бир ташаббус сифатида 2027 йилда Ўзбекистон ва Польша маданият кунларини ўтказиш таклиф этилди.