Ўзбекистон

Ўзбекистонда 98 тонна суюлтирилган газ талон-торож қилинишига йўл қўйилмади

Ўзбекистонда 98 тонна суюлтирилган газ талон-торож қилинишига йўл қўйилмади
Ўзбекистонда 98 тонна суюлтирилган газ талон-торож қилинишига йўл қўйилмади / Фото: Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда суюлтирилган газни ҳисобга олиш ва тақсимлашнинг белгиланган тартибини четлаб ўтишга қаратилган 409 та уринишнинг олди олинди.

Натижада 9,5 мингдан ортиқ газ баллони ва улардаги 98,3 тонна ёқилғининг талон-торож қилинишига йўл қўйилмади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

20 октябрдан бошлаб ИИВ куз-қиш мавсумида аҳолига суюлтирилган газни ўз вақтида ва хавфсиз етказиб бериш жараёнини назорат қилмоқда.

Назоратни кучайтириш мақсадида барча газ тақсимлаш станциялари ва пунктлари замонавий видеокузатув камералари билан жиҳозланди.

Ушбу камералар Қўриқлаш департаментининг бошқарув марказига уланди. Шунингдек, объектларда қўриқлаш нарядларининг навбатчилиги ташкил этилди.

Қўриқлаш хизмати ходимлари тўлдирилган газ баллонларини ташувчи ихтисослаштирилган автомобилларга ҳамроҳлик қилмоқда.

Ёқилғини тақсимлаш маҳалланинг «еттилиги» ва қўриқлаш хизмати ходимлари назорати остида электрон ҳисобга олиш тизими орқали амалга оширилмоқда.

Кўрилган чораларга қарамай, ҳисобга олиш ва тақсимлашнинг белгиланган тизимини четлаб ўтишга қаратилган юзлаб уринишлар аниқланди. ИИВ маълумотларига кўра, бунинг натижасида 9,5 мингдан ортиқ газ баллони ва улардаги 98,3 тонна суюлтирилган газ талон-торож қилинишининг олди олинди.

Аниқланган қоидабузарликларга алоқадор бир қатор мансабдор шахслар ва ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.