Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Испания қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Испания агротехнологияларини жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокаралар Анталия шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров ва Испания қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва озиқ-овқат вазири Луис Планас Пучадес ўртасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Испания бизнес-форуми якунлари ҳамда унда эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида агротехнологиялар, иссиқхона хўжалиги, уруғчилик, сув ресурсларини бошқариш ва агрологистика соҳаларида Испания тажрибасини жорий этиш қайд этилди. Учрашув иштирокчилари, шунингдек, Ўзбекистонда Испания узумининг истиқболли навларини етиштиришни кенгайтириш ҳамда бу йўналишдаги илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, 2027 йил баҳорида «Марказий Осиё — Озарбайжон — Испания» форматида халқаро форум ўтказиш имконияти кўриб чиқилди. Унинг доирасида вазирлар учрашуви ва бизнес-форум ташкил этилиши мумкин.
Музокаралар якунида томонлар Тошкентда эришилган келишувларни амалга ошириш, янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва аграр соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.