Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини ўзгартириш таклиф қилинди. Ҳукумат қарори лойиҳасида электрон чипталарни жорий этиш, хавфсизлик назоратини кучайтириш, шунингдек, белгиланган қоидаларни бузган шахсларнинг бундай тадбирларга киришини вақтинча чеклаш имконияти назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, маданий тадбирлар, кўнгилочар дастурлар ва спорт мусобақаларига чипталарни электрон шаклда сотиш режалаштирилмоқда. Очиқ майдонларда ўтказиладиган айрим тадбирлар бундан мустасно бўлиши мумкин.
Лойиҳа, шунингдек, чипталарни белгиланган нархдан қимматга қайта сотиш, қалбакилаштириш ва улардан такроран фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.
Доимий ўриндиқлар бўлмаган очиқ майдонларда ўтказиладиган тадбирлар учун иштирокчиларни жойлаштириш зичлиги меъёрини белгилаш таклиф этилмоқда. Умумий қоидага кўра, бир квадрат метр майдонга бир нафардан ортиқ одам тўғри келмаслиги керак.
Қоидаларни бузган шахсларга нисбатан ҳам алоҳида чоралар назарда тутилган. Хусусан, суд белгиланган тақиқларни бузган шахсларнинг оммавий тадбирларга киришини вақтинча чеклаши мумкин. 2027 йилдан бошлаб бундай фуқароларнинг электрон ҳисобини юритиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, шахсини аниқлаш имконини бермайдиган даражада юзини беркитган ҳолда оммавий тадбирларда бўлиш тақиқланиши таклиф этилмоқда. Бунда алоҳида истиснолар белгиланади.
Фуқаролар оқими, иштирокчилар сони ва одамлар тўпланиш зичлигини назорат қилиш учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Ҳужжатда фуқароларни товарларни бепул тарқатиш ёки уларни ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархларда сотиш орқали оммавий тадбирларга жалб қилиш ҳам тақиқланиши белгиланган.
Оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектларни хавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан йилига камида бир марта текшириш таклиф этилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар тизими ва соғлиқни сақлаш органлари хизматлари пуллик асосда кўрсатилади. Айни пайтда айрим истиснолар ҳам назарда тутилган.
Шу билан бирга, сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ тадбирлар ва кўчма цирк томошаларини ўтказиш учун рухсатнома олиш талаб этилмайди. Ташкилотчилар уларни ўтказишдан камида 10 иш куни олдин ваколатли органни хабардор қилиши керак бўлади.
Таклифлар муҳокама учун regulation.adliya.uz порталида эълон қилинган Ҳукумат қарори лойиҳасида келтирилган. Ҳозирча ушбу қоидалар ташаббус ҳисобланади ва ҳужжатни кўриб чиқиш натижаларига кўра ўзгариши мумкин.