Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокимлиги Google Street View хизматида пойтахтнинг панорамали тасвирларини кенг кўламда янгилаш ишларини бошлади.
Лойиҳа доирасида шаҳар кўчалари ва туристик объектларнинг янги суратларини олиш режалаштирилган. Бу орқали уларни халқаро аудиторияга намойиш этиш кўзда тутилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Янгиланиш натижасида Google Maps фойдаланувчилари пойтахт кўчалари ва диққатга сазовор жойларини виртуал тарзда томоша қилиш, шаҳар муҳити билан танишиш ҳамда сафар йўналишларини олдиндан режалаштириш имкониятига эга бўлади.
Панорамали тасвирлар Тошкентда бўлмаган ҳолда ҳам шаҳар бўйлаб виртуал сайр қилиш имконини беради.
Ҳокимлик таъкидлашича, шаҳарнинг рақамли тасвири унда юз бераётган ўзгаришларни ҳам акс эттириши керак.
Янгиланган панорамалар пойтахтнинг замонавий қиёфасини намойиш этиш ва туристик объектлар ҳақидаги маълумотларни потенциал меҳмонлар учун янада қулай қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг аҳамиятини Google Maps’нинг халқаро аудиторияси янада оширади. Ҳокимлик келтирган маълумотларга кўра, ушбу хизматдан ҳар ойда 2 млрд нафардан ортиқ киши фойдаланади.
Шу тариқа, янгиланган тасвирлар Тошкентнинг туристик салоҳиятини хорижда намойиш этиш учун қўшимча воситага айланиши мумкин.
Хорижий сайёҳлар учун шаҳар билан виртуал танишув сафарга тайёргарлик жараёнининг бир қисми бўлиши мумкин. Фойдаланувчилар қизиқтирган жойларини олдиндан кўриб чиқиш ва объектларнинг жойлашувини баҳолаш имконига эга бўлади.
Ҳокимлик таъкидлашича, ташаббусдан кўзланган мақсад — халқаро аудиторияга замонавий Тошкент ва унинг туристик имкониятларини намойиш этиш.
Шу билан бирга, хабарда панорамаларни янгилаш ишлари қачон якунланиши ва суратга олиш жараёни қандай тартибда ўтказилиши аниқлаштирилмаган.