Иқтисод

Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари сони икки баробарга камайди

Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари сони икки баробарга камайди
Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари сони икки баробарга камайди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сўнгги йилларда хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 2016 йилга нисбатан икки баробарга камайди. Шу билан бирга, уларнинг оилаларига юбораётган пул ўтказмалари ҳажми тўрт баробарга ошди.

Бу кўрсаткичлар Президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграциясининг устувор масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Президентнинг баҳолашича, ушбу кўрсаткичлардаги ўзгаришлар меҳнат миграцияси хусусияти ўзгараётгани ва ўзбекистонлик мутахассисларга хорижий меҳнат бозорларида талаб ортиб бораётганидан далолат беради. Иш берувчилар уларни тобора кўпроқ оддий ишчи кучи сифатида эмас, балки малакали кадрлар сифатида кўрмоқда.

Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистон меҳнат миграцияси тизимини сезиларли даражада ислоҳ қилгани ва халқаро ҳамкорлик географиясини учтадан 27 та мамлакатгача кенгайтирганини таъкидлади. Тахминан 400 та йирик хорижий иш берувчи билан ҳукумат даражасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Давлат раҳбари ўзгараётган жаҳон меҳнат бозори шароитида хорижий компанияларнинг ишчи кучига бўлган талабини чет элда ишлаш истагидаги фуқаролар таклифи билан янада самарали боғлаш зарурлигини таъкидлади.

«Инсон касбни пухта эгаллаши, ўз қадрини билиши ва ўз мамлакатига таяна олиши керак», — деди Президент.

Йиғилишда хорижда ишлаётган ўзбекистонликларнинг даромадлари ўртасидаги тафовутларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Келтирилган маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида ойлик ўртача пул тушумлари 1 850 долларни ташкил этади. Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида бу кўрсаткич 700 долларга етмайди, Жиззах ва Навоий вилоятларида 600 долларни, Сирдарё вилоятида қарийб 500 долларни, Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида эса 400 долларни ташкил этади.

Мирзиёев масъул раҳбарларга фуқароларни юқори маошли иш билан таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида меҳнат миграциясини ташкил этишга ёндашувларни қайта кўриб чиқишни топширди. У ҳар бир мигрант қаерда ишлаётгани, қанча даромад олаётгани ва унинг манфаатларини ким ҳимоя қилаётганини кузатиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун ҳокимликлар, техникумлар ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ўртасида янада яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Ҳозирда амал қилаётган ҳамкорликка мисол сифатида таълим муассасаларининг Германия, Словакия, Туркия ва Қатардаги иш берувчилар билан алоқалари қайд этилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.