Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) учун ижарадан олинган даромадлар бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби соддалаштирилди.
Солиқ қўмитаси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобига учинчи иловани «E-ijara» ахборот тизими маълумотлари асосида автоматик шакллантириш механизмини жорий этди.
Янги функция жисмоний шахсларга тегишли мол-мулкни ижарага берувчилар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдори бўйича маълумотнома-ҳисоб-китобни проактив тарзда шакллантириш имконини беради. Ушбу илова учун 11191_1 алоҳида пакет коди белгиланган.
Солиқ агентлари томонидан «E-ijara» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган ижара шартномалари ҳақидаги маълумотлар туманлар ва шаҳарлар кесимида иловага автоматик киритилади. Маълумотлар солиқ тўловчининг солиқ ҳисобида турган жойи бўйича шакллантирилади.
Янги механизм жорий этилгани муносабати билан аввалги 11190_12 ҳисобот пакети таркибидаги 070 ва 071-сатрлар ҳамда 3-илова шакллантирилмайди ва уларни тўлдириш талаб этилмайди.
Солиқ қўмитаси жисмоний шахслардан ижарага олинган мол-мулк объектларини ҳисоботда акс эттириш тартибини ҳам аниқлаштирди. Жумладан, ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг бешинчи иловасида, агар фуқаролардан ижарага олинган мол-мулк бўйича шартномалар «E-ijara» тизимида рўйхатдан ўтказилган бўлса, ушбу мол-мулк ҳақидаги маълумотларни кўрсатиш талаб этилмайди.
Проактив солиқ маъмуриятчилигининг шунга ўхшаш механизми аввалроқ солиқ агентлари ҳисобланган юридик шахслар учун ҳам жорий этилган эди.
Солиқ қўмитаси янгиланган тартибни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини тўлдириш бўйича йўриқномаларни ҳам тақдим этди.