Ўзбекистон

Тошкентда 2026 йилда PM2.5 заррачалари концентрацияси 28 фоизга камайди

Тошкентда 2026 йилда PM2.5 заррачалари концентрацияси 28 фоизга камайди
Тошкентда 2026 йилда PM2.5 заррачалари концентрацияси 28 фоизга камайди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент ҳавосидаги майда дисперсли PM2.5 заррачаларининг ўртача концентрацияси 2026 йил 1 январдан 19 октябргача ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга, PM10 заррачалариники эса 32 фоизга камайди. Бу маълумотлар автоматик мониторинг станциялари орқали олинган.

Бу ҳақда 21 октябрь куни ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда Green University ҳузуридаги Илмий-тадқиқот гидрометеорология институти директори Дониёр Тургунов маълум қилди.

Куз фаслида фарқ янада яққол намоён бўлди. 1 сентябрдан 19 октябргача PM2.5 заррачалари концентрацияси 28 фоизга, PM10 заррачалариники эса 37 фоизга камайди.

Октябрь ойининг дастлабки 19 кунида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 40 ва 56 фоизга пасайди. Ўтган йилнинг худди шу даврида AQI ҳаво сифати индекси 11 кун давомида «зарарли» даражага етган бўлса, жорий йилда бундай кунлар кузатилмади. PM2.5 бўйича ҳаво сифати «ўртача» ёки ундан яхши деб баҳоланган кунлар сони 21 тадан 38 тага кўпайди.

Турғунов куз фаслида ҳавонинг ифлосланишидаги асосий омил сифатида метеорологик шароитларни кўрсатди. Кундузги ёруғлик вақти қисқаради, ер эса тунда тез совийди. Натижада ер юзасига яқин қатламда ҳарорат инверсияси юзага келади. Бунда илиқ ҳаво қатлами ер юзасидаги совуқ ҳавони гўё қоплаб олади.

Атмосферанинг аралашиш қатлами баландлиги ёздаги 2–3 километрдан бир неча юз метргача пасаяди, шамол сусаяди ва ифлослантирувчи моддалар шаҳар устида тўпланади. Сибирь антициклонининг чекка қисмида барқарор юқори атмосфера босими бир неча кун давомида шундай вазиятни сақлаб туриши мумкин.

Яна бир омил — табиий чанг. Марказий Осиё дунёдаги энг йирик чанг камарларидан бирида жойлашган. Каспийбўйи ҳудудлари, Қизилқум, Оролқум ва Жанубий Балхаш чўлларидан кўтарилган чанг бутун минтақада тарқалади. Сентябрь ва октябрь ойлари одатда қуруқ келгани сабабли тупроқ чанги ҳавога осон кўтарилади.

Жаҳон банки ва Экология қўмитаси тадқиқоти маълумотларига кўра, Тошкентда PM2.5 заррачалари чиқиндиларининг йиллик ҳажмида шамол орқали тарқаладиган чангнинг улуши 36 фоизни ташкил этади. Биноларни иситиш 28 фоиз, транспорт 16 фоиз, саноат эса 13 фоиз улушга эга. Қолган қисми шаҳар чанги ва чиқиндиларни ёқиш ҳиссасига тўғри келади.

Жаҳон банкининг 2025 йилда эълон қилинган «Марказий Осиёда ҳаво сифатини бошқариш» ҳисоботида қайд этилишича, минтақа шаҳарларида тупроқ ва чўл чанги PM2.5 заррачалари таъсирининг йиллик кўрсаткичида 20–50 фоиз улушга эга. Туркманистонда бу кўрсаткич 80 фоиздан ошади.

Кузда Тошкентда чанг таъсири иситиш мавсумида ёқилғи ёқиш натижасида ҳосил бўладиган чиқиндилар билан бирга намоён бўлади.

Ифлосланиш манбаларининг ўзаро нисбати PM2.5 заррачалари намуналарининг кимёвий таркибини таҳлил қилиш орқали аниқланган. Намуналар пойтахтнинг Юнусобод, Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманларида олинган.

28 сентябрдан 6 октябргача бўлган даврда табиий чанг ифлосланишнинг 52–78 фоизини ташкил этган, ўртача кўрсаткич эса 64 фоизга тенг бўлган. 13–14 октябрь кунлари унинг улуши 47–52 фоизни ташкил этди.

Ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ-229-сон Президент фармони билан Махсус комиссия ташкил этилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.