Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ходимлари Ўзбекистонга 39,5 тонна мандариннинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди. Маҳсулот икки юк машинасида Food City бозорига олиб келинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Текширув қўмитанинг комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан тезкор маълумот асосида ўтказилди. Юк машиналарида фитосанитария сертификатида кўрсатилмаган мандаринлар аниқланган.
Текширув натижаларига кўра, маҳсулот учун унинг хавфсизлигини тасдиқловчи фитосанитария сертификати ҳам, истеъмолга яроқлилиги тўғрисидаги эксперт хулосаси ҳам мавжуд бўлмаган.
Тергов Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда давом этмоқда. Транспорт воситасини очиш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштирган инспектор вақтинча ишдан четлаштирилди. Унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Қўмита тадбиркорларни озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ва импорти билан боғлиқ операцияларни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширишга чақирди.
Қўмита тизимидаги коррупция ва қоидабузарлик ҳолатлари ҳақида 71 202-64-64 рақамли ишонч телефони орқали хабар бериш мумкин.