Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси 20–22 октябрь кунлари Хитойнинг Қашғар шаҳрида ўтказилган халқаро бизнес-форумда иштирок этди.
Форум «Хитойнинг (Синьцзян) эркин савдо пилот ҳудуди: Қашғар участкаси — саноат парклари тақдимоти ва инвестицияларни жалб қилиш» мавзусига бағишланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Делегация таркибидан Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари О. Эшмуродов, Ўзбекистон–Хитой савдосини ривожлантириш ассоциацияси раиси А. Олимхонов ҳамда бир гуруҳ тадбиркорлар ўрин олди.
Форумда мезбон томон вакилларидан ташқари Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Покистон, Қирғизистон ва Тожикистондан расмий вакиллар ҳамда ишбилармонлар иштирок этди.
Тадбир доирасида ўзбек секцияси ҳам фаолият юритди. 21 октябрь куни «Гонконг» залида Ўзбекистондан келган 11 нафар меҳмон ва мутахассис иштирокида саноат соҳасига бағишланган махсус тақдимот ўтказилди.
Делегация аъзолари Қашғар шаҳридаги саноат ҳудудлари, электрон тижорат марказлари ва логистика марказларига ҳам ташриф буюрди.
Форум якунида тадбиркорлар учун B2B форматида савдо-иқтисодий музокаралар ташкил этилди. Унда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.