Иқтисод

Тошкентда уй-жойни баҳолаш натижалари муҳокамаси узайтирилди

Тошкентда уй-жойни баҳолаш натижалари муҳокамаси узайтирилди
Тошкентда уй-жойни баҳолаш натижалари муҳокамаси узайтирилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда кўчмас мулкни оммавий баҳолашнинг биринчи босқичи дастлабки натижаларини жамоатчилик муҳокамаси 4 декабрга қадар узайтирилди.

Шу тариқа, уй-жой мулкдорларида белгиланган баҳолаш қийматига эътироз билдириш ёки ўз таклифларини юбориш учун яна 30 кун вақт пайдо бўлди. Бу ҳақда Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази раҳбари ўринбосари Феруз Султонов маълум қилди.

Муҳокама 5 сентябрда бошланган ва дастлаб 3 ноябрда якунланиши керак эди. Биринчи босқичда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали 721 632 нафар кўчмас мулк мулкдорига баҳолаш қиймати ҳақида хабарнома юборилган.

Улардан 380 525 нафари ёки 52,7 фоизи хабарномалар билан танишган. Кейинчалик яна 584 343 нафар мулкдорга баҳолаш натижалари бўйича SMS-хабарлар юборилган.

5 ноябрь ҳолатига кўра, 11 035 нафар мулкдор баҳолаш натижаларига нисбатан ўз муносабатини билдирган. Уларнинг 5535 нафари (50,15 фоизи) баҳолашга розилик билдирган, 5500 нафари эса шикоят ёки таклифларини юборган.

Жумладан, 1753 нафар мулкдор уй-жой қиймати бозор нархларига нисбатан паст баҳоланган деб ҳисоблаган, 3210 нафари эса унинг қиймати юқори белгиланганини билдирган. Яна 273 нафар фуқаро кадастр ҳужжатларида хатолар борлигини маълум қилган, 264 нафари эса қўшимча таклифлар юборган.

Уй-жойнинг баҳолаш қийматини ЯИДХП ёки davreestr.uz кўчмас мулк реестри сайти орқали текшириш мумкин. Муҳокамада иштирок этиш мажбурий эмас, баҳолашнинг дастлабки натижалари эса ўз-ўзидан ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди. Шу билан бирга, Султоновнинг сўзларига кўра, мулкдор ўз эътирозларини юбормаса, баҳолаш қайта кўриб чиқилмайди ва ўзгаришсиз қолади.

У, шунингдек, баҳолаш қийматининг ошиши солиқлар ҳам автоматик равишда мутаносиб равишда кўпайишига олиб келиши ҳақидаги хавотирларни асоссиз деб атади.

Тошкентдаги тажриба доирасида 600 мингдан ортиқ квартира ва 215 мингта хусусий уй баҳоланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, квартираларнинг умумий қиймати 426,7 триллион сўмни ташкил этган. Бу уларнинг кадастр қийматидан қарийб 7,4 баравар кўп. Хусусий уйлар эса кадастр бўйича 39 триллион сўмга баҳоланган бўлса, оммавий баҳолаш натижасида уларнинг қиймати 587 триллион сўмни ташкил этган. Бу қарийб 15 баравар юқори.

Вазирлик тафовутни амалдаги кадастр қийматида ер участкалари қиймати тўлиқ ҳисобга олинмаслиги билан изоҳлади. Оммавий баҳолашда хусусий уй ер, бинолар ва иншоотларни ўз ичига олган ягона объект сифатида кўриб чиқилади.

Ҳисоб-китобларда жойлашув, ер участкаси ва қурилмалар майдони, қурилган йил, қаватлар сони, қурилиш материаллари, транспорт ва ижтимоий инфратузилма ҳисобга олинади. Шунингдек, бозордаги таклифлар, риелторлар маълумотлари ва нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди битимлари таҳлил қилинади.

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директори Муҳиддин Холмуродов аввалроқ баҳолаш натижалари мулкдорлар, банклар ва инвесторлар учун кўчмас мулк билан боғлиқ битимларда қўшимча мўлжал бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу мулкдорларга бозор нархларини яхшироқ баҳолаш ва уй-жойни ҳақиқий қийматидан арзон сотиш хавфини камайтириш имконини беради.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ҳам оммавий баҳолаш натижаларини жорий этиш солиқ юкининг мутаносиб равишда ошишига олиб келмаслиги кераклигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, вазирлик солиқ ставкаларини бир неча баравар пасайтириш бўйича таклифлар тайёрлаган.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.