Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон сунъий интеллектни ривожлантириш мақсадида 2027 йилда қуввати 7 экзафлопсдан ортиқ бўлган янги ҳисоблаш кластерини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлиси якунлари бўйича хабар берди.
24 ноябрь куни депутатлар рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг сунъий интеллектни ривожлантириш, уни устувор соҳаларга жорий этиш ҳамда тегишли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ахборотини эшитди.
Вазир 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар натижаларини тақдим этди. Стратегияда сунъий интеллектдан давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада фойдаланиш, миллий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган.
2026 йил июль ойида «Электрон ҳукумат» тизимининг маълумотлар марказида замонавий ҳисоблаш инфратузилмаси ишга туширилди. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳаси эҳтиёжлари учун кичик ҳисоблаш кластери ҳам фаолият бошлади.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан сунъий интеллектдан фойдаланишга қаратилган 100 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш бошланди. Улар рақамли ҳукумат, кадрлар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳа, жамоат хавфсизлиги, ҳуқуқий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги ва экология йўналишларини қамраб олган.
Шунингдек, «Ўзбек тили корпуси» миллий маълумотлар тўплами шакллантирилди. У 6,5 миллионта ҳужжат, 6,1 миллиардта сўз ва 20 миллиардта токенни ўз ичига олади.
Мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун aileaders.uz платформаси яратилди. «Сунъий интеллект бўйича беш миллион етакчи» лойиҳаси доирасида 1,6 миллиондан ортиқ ёш таълим олди ва тегишли сертификатларга эга бўлди.
Умумтаълим мактаблари учун сунъий интеллект бўйича еттита, олий таълим муассасалари учун эса учта ўқув қўлланмаси ишлаб чиқилди. Улар 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб таълим жараёнига жорий этилди. Шунингдек, олий таълим муассасаларида сунъий интеллект бўйича учта лаборатория очилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, IT Park резидентлари орасида сунъий интеллект соҳасида фаолият юритаётган компаниялар сони 240 тага етди. Улар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 895 миллиард сўмни, экспорт эса 75 миллион долларни ташкил этди.
Oxford Insights ташкилотининг ҳукуматларнинг сунъий интеллектни жорий этишга тайёрлиги индексида Ўзбекистон саккиз поғона юқорилаб, 195 та давлат орасида 62-ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, 2026 йил 16 июлда Ўзбекистон Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Жаҳон ташкилотининг (WAICO) таъсис битимини имзолаган 29 та давлат қаторига кирди.
Муҳокамалар давомида депутатлар ҳал этилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам белгилаб олди. 2026 йил охирига қадар серверлар сонини 24 тага, график карталар сонини эса 192 тага етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, йил якунига қадар олий таълим муассасаларидаги сунъий интеллект лабораториялари сонини 21 тага етказиш вазифаси қўйилди. Уларнинг фаолиятини иқтисодиёт тармоқларининг амалий эҳтиёжлари билан боғлаш кўзда тутилган.
Илмий ташкилотлар, стартаплар ва ҳудудий маслаҳатчилар учун GPU-кластерлар ҳамда йирик маълумотлар базаларидан имтиёзли фойдаланиш имкониятини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Депутатлар рақамли технологиялар вазирининг ахборотини маълумот учун қабул қилди.