7
Технологиялар

Ўзбекистон сайтлар очилиш тезлиги ўсиши бўйича Осиёда етакчи

Ўзбекистон сайтлар очилиш тезлиги ўсиши бўйича Осиёда етакчи
Ўзбекистон сайтлар очилиш тезлиги ўсиши бўйича Осиёда етакчи / Фото: nPerf.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон симли интернет орқали сайтларни очиш тезлигининг ўсиши бўйича Осиёда Афғонистон билан биргаликда биринчи ўринни эгаллади. Ҳар икки мамлакатда бу кўрсаткич 13 фоизга ошган. Бу ҳақда nPerf маълум қилди.

Рейтингда 2026 йил январь–октябрь ойларидаги маълумотлар 2025 йилнинг шу даври билан таққосланган.

Ушбу кўрсаткични ҳисоблаш учун nPerf бир нечта машҳур сайтларнинг қанчалик тез юкланишини ўлчайди. Натижа фоизларда ифодаланади ва унинг юқори бўлиши ижобий ҳолат ҳисобланади. Яхши кўрсаткич одамлар ҳар куни фойдаланадиган саҳифалар тезроқ очилишини англатади. Булар янгиликлар сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва турли хизматлардир.

Тожикистон 11 фоиз ўсиш билан учинчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлардан Тайвань (+5 фоиз) ва Шри-Ланка (+2 фоиз) жой олди.

Озарбайжон, Малайзия, Индонезия, Филиппин ва Қирғизистонда кўрсаткич 1 фоизга яхшиланган. Ушбу мамлакатлар олтинчи ўринни бўлишиб турибди.

Рейтингга жами 10 та мамлакат киритилган бўлиб, уларнинг барчаси кўриб чиқилган даврда ўз кўрсаткичларини яхшилаган. nPerf баҳосига кўра, бу бутун минтақада интернет соҳаси фаол ривожланаётганидан далолат беради.

Рейтинг иштирокчилари ўртасидаги тафовут сезиларли даражада сақланиб қолмоқда: ўсиш Ўзбекистондаги 13 фоиздан Қирғизистондаги 1 фоизгача бўлган.

nPerf — ҳақиқий фойдаланувчилар тажрибаси асосида интернет сифати ва тезлигини ўлчайдиган мустақил платформа. У миллионлаб интернетга уланиш тестлари натижаларини қайта ишлаб, улар асосида таҳлилий маълумотлар тайёрлайди. Бу маълумотлар операторларга ўз тармоқларини такомиллаштиришга ёрдам беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.