7
Ўзбекистон

ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Тошкентга ташриф буюрди

ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Тошкентга ташриф буюрди
ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Тошкентга ташриф буюрди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 1–3 ноябрь кунлари Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) делегацияси Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ раиси, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Сунг Ё Чой (Sung-yo Choi) бошчилигида Тошкентда бўлди. Бу ҳақда Жаҳон савдо ташкилоти хабар берди.

Ишчи гуруҳ раиси 2020 йил июль ойида Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини расман қайта бошлаганидан буён мамлакатга илк бор ташриф буюрди. ЖСТ баҳосига кўра, музокаралар ҳал қилувчи босқичга кирган. Ташриф Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлишга тайёргарлик кўришига кўмаклашишга қаратилган.

Сўнгги йилларда музокараларда, жумладан, 27–28 июль кунлари ўтказилган ишчи гуруҳнинг 13-йиғилишида сезиларли олға силжишга эришилди.

Сунг Ё Чой Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича бош музокарачи, шунингдек, Ўзбекистон президентининг махсус вакили Азизбек Урунов билан учрашди.

Музокараларда Идоралараро музокаралар гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этди. Томонлар амалга оширилган ишлар сарҳисобини қилди ва жараённинг қолган босқичларидаги устувор вазифаларни муҳокама қилди.

Асосий мавзулар бозорларга кириш бўйича икки томонлама музокаралар ҳамда ишчи гуруҳ ҳисоботи лойиҳасидаги мажбуриятларга оид бандлар лойиҳалари бўлди.

ЖСТнинг манфаатдор аъзоларининг аксарияти билан бозорларга кириш бўйича икки томонлама музокаралар якунланган. Энди қолган келишувларни якунига етказиш ҳамда Ўзбекистоннинг товарлар ва хизматлар бўйича мажбуриятлари рўйхати лойиҳаларини техник текширувга тайёрлаш зарур.

Кўп томонлама музокаралар доирасида эса Ўзбекистон келишилмаган мажбуриятлар бўйича позицияларни яқинлаштириш мақсадида ЖСТ аъзолари билан маслаҳатлашувларни давом эттириши ва ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриши лозим. Ушбу йиғилишнинг қачон ўтказилиши аъзолик жараёнидаги кейинги силжишларга боғлиқ бўлади.

Элчи адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов билан учрашувда қолган қонунчилик ҳужжатлари устидаги ишлар қандай бораётганини муҳокама қилди. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров билан эса қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш бўйича музокараларнинг кейинги босқичлари ҳақида сўзлашди. Учрашувлар иштирокчилари аъзолик ҳужжатлари тўпламини якунлаш учун қонунчилик ислоҳотларини илгари суриш ва аграр секторни қўллаб-қувватлаш масаласида келишувга эришиш зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирди.

3 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида ишчи гуруҳ раиси Ўзбекистон сезиларли тараққиётга эришгани ва ЖСТ аъзоларининг кенг қўллаб-қувватловига эга эканини таъкидлади. Шу билан бирга, унинг қайд этишича, олдинда ҳали кўплаб муҳим вазифалар турибди.

«Ҳозирги асосий вазифа — мавжуд умумий қўллаб-қувватловни қолган масалалар бўйича аниқ келишувларга айлантириш», — деди Сунг Ё Чой.

У, шунингдек, турли йўналишларда эришилган натижаларни ЖСТ аъзоларини қаноатлантирадиган ягона ҳужжатлар тўпламига бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

ЖСТ кафедралари дастурига кирувчи Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида элчи университет ректори, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашди. У парламент Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва зарур қонунлар устидаги ишларни жадаллаштиришга ваъда берди.

Университетдаги учрашувдан сўнг талабалар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши савдо ва иқтисодиёт учун қандай имкониятлар яратиши муҳокама қилинди. Шунингдек, академик ҳамжамият аъзоликка тайёргарлик кўриш жараёнига қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги ҳақида фикр алмашилди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ раиси Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси вакиллари билан Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун аризани 1994 йил декабрь ойида топширган.

Музокаралар 15 йиллик танаффусдан сўнг, 2020 йил июль ойида қайта бошланган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.