Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева парламент делегациясининг расмий ташрифи доирасида Корея Республикаси президенти Ли Чжэ Мён билан учрашди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида Танзила Нарбаева Жанубий Корея раҳбарига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий тилакларини етказди.
Томонлар алоҳида стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ҳамда олий даражада эришилган келишувларни қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, парламент назоратини кучайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, кадрлар тайёрлаш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларидаги ўзаро алоқалар истиқболларини кўриб чиқди.
Шунингдек, Корея Республикасида ишлаётган ва таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари учун муносиб шароитлар яратиш масаласи муҳокама қилинди.