7
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Жанубий Корея парламентлараро алоқаларни ривожлантиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Жанубий Корея парламентлараро алоқаларни ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Жанубий Корея парламентлараро алоқаларни ривожлантиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева мамлакат парламент делегациясининг Корея Республикасига ташрифи доирасида «Корея — Ўзбекистон» парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси Ким Гё Хон билан учрашди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва олий даражада эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилди.

Икки томонлама парламентлараро гуруҳлар фаолияти ривожланаётгани ҳамда парламентлар қўмиталари ўртасида тажриба алмашиш кўлами кенгаяётгани қайд этилди.

Учрашувда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) кўмагида Олий Мажлис палаталарида амалга оширилаётган «Электрон парламент» лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув иштирокчилари парламент фаолиятини рақамлаштириш, маҳаллий Кенгашлар билан электрон ҳамкорликни ривожлантириш ва замонавий технологияларни, жумладан, сунъий интеллектни жорий этиш истиқболларини кўриб чиқди.

Шунингдек, маданият, туризм ва спорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ёш парламентарийлар ўртасида тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар 2027 йилда қўшма парламент тадбирларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.

Ушбу тадбирлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги, шунингдек, Ўзбекистонда корейс диаспораси яшай бошлаганининг 90 йиллигига бағишланади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.