7
Технологиялар

Yandex Maps Бухоро панорамаларини янгилади ва яна икки шаҳарни қўшди

Yandex Maps Бухоро панорамаларини янгилади ва яна икки шаҳарни қўшди
Yandex Maps Бухоро панорамаларини янгилади ва яна икки шаҳарни қўшди / Фото: Yandex Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Yandex Maps харитасида Андижон ва Наманган шаҳарларининг илк панорамали тасвирлари пайдо бўлди, Бухоро кўчаларининг тасвирлари эса янгиланди. Бу ҳақда Yandex хабар берди.

Тасвирга олиш жараёнида махсус панорама автомобили учта шаҳар ва уларга яқин аҳоли пунктларининг кўча ҳамда йўллари бўйлаб 3 800 километрдан ортиқ масофани босиб ўтди. Ишлар якунида 146 мингдан зиёд панорама тайёрланди.

Янги тасвирлар орқали кўчалар, бинолар фасадлари, кириш жойлари ва объектларга олиб борувчи йўлларни олдиндан кўриш мумкин. Бу аҳолига нотаниш ҳудудга сафар қилишдан олдин йўналишни аниқлашда, сайёҳларга эса меҳмонхоналар атрофини ўрганиш ва сайрларни режалаштиришда ёрдам беради.

Бухорода фойдаланувчилар Пои Калон ансамблидан Чор-Минор ва Ляби-Ҳовуз ансамблидаги Кўкалдош мадрасасигача виртуал сайр қилишлари мумкин. Панорамаларда нафақат диққатга сазовор жойлар, балки улар атрофидаги кўчалар ҳам акс этган.

Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур уй-музейи ва Жоме мажмуасига олиб борувчи йўналишларни олдиндан кўриш мумкин. Наманганда эса З. М. Бобур номидаги боғ ва Отавалихон масжидларига олиб борувчи йўлларнинг тасвирлари мавжуд.

Наманган вилояти бўйлаб виртуал сайрни ўтмишда Фарғона пойтахти бўлиб хизмат қилган, компания хабарига кўра, Аҳсикент археология ёдгорлиги ҳудудида ҳам давом эттириш мумкин.

Аввалроқ, 2026 йилда Yandex Maps Тошкент ва Самарқанд панорамаларини янгилаган эди. Энди фойдаланувчилар ушбу шаҳарлар кўчаларини ҳам ўрганишлари ва тегишли йил тасвирларини танлашлари мумкин.

Мобил иловада панорамаларни очиш учун экраннинг юқори ўнг бурчагидаги иккита квадрат тасвири туширилган белгини босиб, «Панорамалар» қатламини танлаш керак. Харитадаги кўк чизиқлар виртуал томоша қилиш мумкин бўлган ҳудудларни кўрсатади.

Янги суратларни кўриш учун панорама ойнасининг юқори чап бурчагида 2026 йилни танлаш лозим. Илова Google Play ва App Store платформаларида мавжуд.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.