Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг Limak İnşaat ва Қатарнинг Hamad Bin Khalid Contracting Company (HBK Contracting) компаниялари «Янги Бухоро» халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш бўйича тендер ғолиби бўлди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.
Компаниялар танловда қўшма консорциум таркибида иштирок этди. Ғолиб 2026 йил 12 мартда эълон қилинган икки босқичли халқаро тендер натижаларига кўра аниқланди.
Биринчи босқичда иштирокчилар малака саралашидан (RFQ) ўтди, иккинчи босқичда эса ўз таклифларини (RFP) тақдим этди. Олти нафар халқаро иштирокчи иккинчи босқичга муваффақиятли ўтди. Унинг якунларига кўра, идоралараро тендер комиссияси Limak ва HBK Contracting консорциумини ғолиб деб топди.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида «Қуриш — топшириш — бошқариш» (Build-Transfer-Operate, BTO) модели бўйича амалга оширилади. Кейинги босқичда 23 йил муддатга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланади. Ушбу муддатга уч йилгача давом этадиган қурилиш даври ҳам киради.
Хусусий шерик соатига 1 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги йўловчи терминалини қуриши ва бошқариши керак. Унинг вазифаларига аэропорт олди майдони, автотураргоҳ ва ёрдамчи инфратузилмани барпо этиш ҳам киради.
Давлат томони эса учиш-қўниш йўлаги ва перронни ўз ичига олган аэродром мажмуасини қуриш ва бошқариш учун масъул бўлади.
Uzbekistan Airports маълумотларига кўра, Limak Косоводаги Приштина ва Сенегалдаги Дакар халқаро аэропортларини бошқаради. Компания, шунингдек, Истанбул аэропорти қурилишида иштирок этган ва Қувайт халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этмоқда. HBK Contracting эса Қатарда 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати финали ўтказилган «Лусаил» стадиони қурилишида бош пудратчи сифатида иштирок этган.
Лойиҳа Uzbekistan Airports томонидан Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 30 августдаги ПҚ-308-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Uzbekistan Airports компанияси янги аэропорт сайёҳлар оқимининг ўсишига хизмат қилиши ва ҳудудда халқаро авиақатновлар географиясини кенгайтириш имконини беришига умид қилмоқда. Компания, шунингдек, лойиҳа Бухоронинг туристик жозибадорлигини ошириш ва мамлакат авиация соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшишини кутмоқда.