7
Ўзбекистон

Фарғона вилоятида ҳоким ёрдамчиси iPhone билан ушланди

Фарғона вилоятида ҳоким ёрдамчиси iPhone билан ушланди
Фарғона вилоятида ҳоким ёрдамчиси iPhone билан ушланди / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги Қўрғонча маҳалласи ҳоким ёрдамчиси маҳаллий аҳолидан биридан iPhone 17 Pro Max олаётган вақтда ушланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, смартфон 150 млн сўм миқдорида кредит олишга кўмаклашиш ваъдаси эвазига берилган. Бунинг учун ҳоким ёрдамчиси банкдаги алоқаларидан фойдаланишни режалаштирган.

Уни ушлаш бўйича тезкор тадбир департаментнинг туман бўлими томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан бир кун аввал Андижон вилоятида Пахтаобод тумани ҳокимининг ўринбосари ва кадастр хизмати ходими ушланган эди.

Улар воситачи орқали 30 минг доллар олишда гумонланмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, улар тадбиркорга майдони 50 сотих бўлган ер участкасини онлайн-аукционда арзонлаштирилган нархда ютиб олишини таъминлаб беришни ваъда қилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.