Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев велосипед спортини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. 2030 йилгача мамлакатда велоспорт билан мунтазам шуғулланувчи аҳоли сонини 30 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ҳужжатда, шунингдек, миллий терма жамоани Осиёда велоспорт бўйича қитъа мусобақаларида кучли учликка киритиш вазифаси белгиланган. Бундан ташқари, Олимпия ўйинларига йўлланмалар сонини кўпайтириш ва медаллар учун курашиш режалаштирилган.
2027 йил март ойидан бошлаб мамлакатда аҳолини велоспортга жалб қилиш мақсадида мусобақалар ва оммавий тадбирлар мунтазам ўтказилади.
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Талабалар кубоги», зарур инфратузилмага эга мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ўртасида эса «Директор кубоги» мусобақалари ташкил этилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун «Имкониятларинг сенинг қўлингда» паравелоспорт мусобақалари ўтказилиши кўзда тутилган. Вазирлик ва идоралар ходимлари эса «Янги Ўзбекистон» мусобақаларида иштирок этиши мумкин.
Шунингдек, иккита веломарафон ўтказиш режалаштирилган. «Баҳор маликаси» веломарафони 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёллар ўртасида, «Соғломлик сари» веломарафони эса «22 сентябрь — Автомобилсиз кун» акцияси доирасида аҳоли ўртасида ташкил этилади.
Велоспорт бўйича Республика ихтисослаштирилган спорт мактаб-интернати истиқболли спортчиларни тайёрлаб, уларни кейинчалик миллий терма жамоаларга жалб этиш билан шуғулланади. Муассасадаги ўқувчиларнинг умумий сони 6–11-синфларда таҳсил олувчи 100 нафар даражасида сақланади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернат тарбияланувчиларининг 20 фоизи паравелоспорт йўналиши бўйича таълим олади.
«Ўзбекистоннинг янги олимпия чўққилари» мусобақалари доирасида ҳам велоспорт бўйича беллашувлар мунтазам ташкил этилади.
2027/2028 ўқув йили бошлангунига қадар мактаб-интернат Ўзбекистон Велоспорт федерацияси билан биргаликда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун видеоматериаллар тайёрлайди.
Тошкент шаҳри учун алоҳида чора-тадбирлар белгиланган. 2027 йил март ойидан бошлаб пойтахт ҳокимлиги маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан «Тошкент тажрибаси»ни тажриба-синов тариқасида жорий этишни бошлайди.
2027–2028 йилларда зарур инфратузилмага эга умумтаълим мактабларини босқичма-босқич велосипедлар билан таъминлаш ва мураббийлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.