Иқтисод

Ўзбекистон Жанубий Корея ва Британия билан қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон Жанубий Корея ва Британия билан қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон Жанубий Корея ва Британия билан қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги.

 Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва қурилиш соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш масалалари бўйича Жанубий Кореянинг JACE KOREA компанияси ҳамда Британиянинг Connected Places Catapult (CPC) ташкилоти вакиллари билан музокаралар ўтказди.

JACE KOREA делегацияси билан учрашувда томонлар Ўзбекистонда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий инфратузилма объектларини сейсмик лойиҳалашда Жанубий Корея тажрибасидан фойдаланиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Музокаралар якунида биноларни сейсмик мустаҳкамлаш соҳасида тажриба алмашиш ва давлат-хусусий шериклик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, Connected Places Catapult вакиллари билан Ўзбекистонда биноларни ахборот моделлаштириш (BIM) технологияларини жорий этишга бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар Британиянинг Рақамли қурилиш бўйича халқаро дастури (Digital Construction International Programme — DCIP) доирасида ташкил этилди.

Учрашув иштирокчилари BIM технологияларини жорий этишнинг ҳозирги ҳолати, халқаро тажриба ва миллий йўл харитасини такомиллаштириш имкониятларини кўриб чиқди.

Шунингдек, соҳани рақамлаштиришнинг норматив-ҳуқуқий ва институционал асосларини ривожлантириш, техник стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда давлат харидларида BIM технологияларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, томонлар мутахассисларнинг малакасини ошириш ва амалдаги ахборот тизимларини интеграция қилиш масалаларига ҳам тўхталди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.