Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сирдарё ва Тошкент вилоятларида электр энергиясини узатиш тизимини ривожлантиришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари якунланди.
Ҳозирги вақтда янги объектларни Ўзбекистоннинг ягона электр энергетикаси тизимига улаш, уларни созлаш ҳамда фойдаланишга топширишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида кучланиши 500 кВ, қуввати 1602 МВА бўлган «Халқа» подстанцияси, шунингдек, 220 ва 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш линиялари қурилди. 220 кВ кучланишли линияларнинг узунлиги 213 км, 500 кВ кучланишли линияларники эса 72 кмни ташкил этди. Шу тариқа, барпо этилган тармоқ инфратузилмасининг умумий узунлиги 285 кмга етди.
Инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 171,4 млн долларни ташкил этади. Лойиҳа Жаҳон банки иштирокида амалга оширилди.
Янги инфратузилма миллий энергетика тизимининг электр энергиясини узатиш имкониятларини кенгайтириш, электр энергияси оқимларини тақсимлаш самарадорлигини ошириш ва электр тармоқларининг янада барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган.
Лойиҳанинг амалга оширилиши, шунингдек, ҳудудларни ишончли электр энергияси билан таъминлаш, мавжуд тармоқларга тушадиган юкламани мақбуллаштириш ва келгусида янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини тармоққа улаш учун шароит яратади.
Айни пайтда қурилган объектларни Ўзбекистоннинг ягона электр энергетикаси тизимига интеграция қилиш бўйича якуний ишлар давом этмоқда.