Иқтисод

Ўзбекистон ва Хитой аграр таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Хитой аграр таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Хитой аграр таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда / Фото: Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Хитой аграр таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Тошкент давлат аграр университети ва Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти Хитойнинг Shaanxi A&F University of Science and Technology университети билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

Ҳужжатлар Янлин шаҳрида ўтказилаётган форум доирасида имзоланди. Унда Ўзбекистон делегацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вазирлик тизимидаги олий таълим муассасалари ҳамда Лола Муротова номидаги ихтисослаштирилган қишлоқ хўжалиги техникуми вакиллари билан иштирок этмоқда.

Форумда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар мутахассислари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.

Келгусида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги барча олий таълим муассасаларида Хитой университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини Хитойда ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Янлин шаҳридаги юқори технологияли қишлоқ хўжалиги саноати намойиш майдонида тақдим этилган замонавий инновацион технологиялар билан танишди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.