7
Технологиялар

Ўзбекистон ва Жанубий Корея стартапларни қўллаб-қувватлашни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Жанубий Корея стартапларни қўллаб-қувватлашни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Жанубий Корея стартапларни қўллаб-қувватлашни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси Seoul Startup Hub Gongdeok вакиллари билан стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшма технологик лойиҳаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув делегациянинг Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Томонлар стартаплар экотизимини ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва икки мамлакат технологик компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Марказ раҳбари Ким Чон У Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш учун яратилган шароитлар, малакали мутахассислар салоҳияти, визани расмийлаштириш тартибларининг соддалаштирилгани ҳамда хорижий стартапларни институционал қўллаб-қувватлаш механизмларини қайд этди.

Учрашув иштирокчилари Жанубий Корея стартапларини Ўзбекистонга жалб қилиш, қўшма технологик лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш имкониятларини кўриб чиқди. Шунингдек, мамлакатнинг Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун минтақавий платформа сифатида ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон вакилларининг Seoul Startup Hub Gongdeok халқаро дастурларидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда Open Innovation тамойили асосида йирик бизнес ва стартаплар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Томонлар, шунингдек, икки мамлакат стартапларининг Ўзбекистондаги Land of Startups ва Жанубий Кореядаги Try Everything танловларида иштирок этиш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.