Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида Beeline Uzbekistan компаниясининг янги маълумотларни қайта ишлаш марказини ишга туширди. Лойиҳага йўналтирилган хусусий инвестициялар ҳажми 40 миллион долларни ташкил этди.
Объект Когон туманида Beeline Uzbekistan ва Рақамли технологиялар вазирлигининг қўшма лойиҳаси доирасида қурилди.
У операторнинг ҳудудлар бўйича тақсимланган захира инфратузилмасининг бир қисмига айланади. Марказ миллионлаб фойдаланувчилар учун рақамли хизматларнинг ишончлилигини ошириш ва узлуксиз ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
Лойиҳа марказни келгусида янада кенгайтириш имкониятини ҳам назарда тутади. Унинг лойиҳа ҳужжатлари халқаро Uptime Institute ташкилотининг Tier III Certification of Design Documents (TCDD) сертификатини олди. Ушбу сертификат лойиҳавий ечимларнинг дата-марказ ишончлилиги ва носозликларга бардошлилиги бўйича талабларга мувофиқлигини тасдиқлайди.
VEON маълумотларига кўра, гуруҳ 20 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 1,8 миллиард доллар инвестиция киритган. Ушбу маблағларнинг салмоқли қисми сўнгги ўн йилликда мамлакатга йўналтирилган.
Маълумотларни қайта ишлаш марказини қуришдан ташқари, компаниянинг йирик инвестиция қадамларидан бири Perfectum компаниясини 207 миллион долларга сотиб олиш бўлди.
Beeline Uzbekistan бош директори Евгений Настрадиннинг таъкидлашича, янги объектнинг ишга туширилиши ва Perfectum компаниясининг харид қилиниши гуруҳнинг Ўзбекистон бозоридаги узоқ муддатли режаларини акс эттиради.
Унинг сўзларига кўра, компания рақамли инфратузилмани ривожлантиришга инвестиция киритишни давом эттириш ва мамлакатнинг рақамли трансформациясида иштирок этишни режалаштирмоқда.
Дата-марказнинг Тошкентдан ташқарида жойлаштирилиши замонавий рақамли инфратузилманинг ҳудудий қамровини ҳам кенгайтиради.
Компания таъкидлашича, лойиҳа «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси вазифаларига мос келади ҳамда рақамли хизматларни, жумладан, сунъий интеллект асосидаги ечимларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.