Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларуснинг ISsoft Solutions IT-компанияси халқаро фаолиятини кенгайтириш учун Ўзбекистонни истиқболли юрисдикциялардан бири сифатида кўриб чиқмоқда. Компания ходимларни дастлабки босқичда кўчирмасдан, юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш орқали Ўзбекистон бозорига босқичма-босқич кириш масаласини муҳокама қилмоқда.
Бу масала 26 октябрь куни IT Park Uzbekistan делегацияси билан ISsoft Solutions компанияси ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. IT Park Uzbekistan делегациясига экспортни ривожлантириш директори Жаҳонгир Қағиров, ISsoft Solutions делегациясига эса компания бош директорининг инновациялар бўйича ўринбосари Александр Дробишевский бошчилик қилди. Бу ҳақда IT Park Uzbekistan хабар берди.
Томонлар компаниянинг Ўзбекистон бозорига кириш истиқболлари, мамлакатда юридик мавжудликни йўлга қўйиш ва трансчегаравий операцион фаолиятнинг мақбул моделини муҳокама қилди. Бунда масофавий ишлаш форматини сақлаб қолиш ва кейинчалик бизнес кўламини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
IT Park вакиллари резидентлик шартлари, солиқ имтиёзлари ҳамда мамлакатда фаолият юритишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берди.
Халқаро фаолиятини диверсификация қилиш доирасида ISsoft Solutions янги бозорларни, жумладан, Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатларини ўрганмоқда.
IT Park маълумотларига кўра, Ўзбекистон IT-компаниялар учун амал қилаётган имтиёзлар ва халқаро технологик хизматлар занжирларига интеграциялашиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилмоқда.
Компания 2026 йил охирига қадар истиқболли юрисдикцияларни қиёсий таҳлил қилишни якунлаш ва халқаро кенгайиш моделини белгилашни режалаштирмоқда. Ўзбекистондаги шарт-шароитлар бошқа кўриб чиқилаётган бозорлар таклифлари билан бир қаторда баҳоланади. Учрашув якунларига кўра, томонлар компаниянинг Ўзбекистон бозорига эҳтимолий кириши билан боғлиқ ташкилий ва ҳуқуқий масалалар бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
ISsoft Solutions — 2004 йилда ташкил этилган Беларуснинг йирик IT-компанияларидан бири. Компания Шимолий Америка, Европа ва бошқа минтақалар бозорларида фаолият юритувчи Coherent Solutions халқаро гуруҳи таркибига киради.
Компания буюртма асосида дастурий таъминот ишлаб чиқиш, рақамли муҳандислик, булутли ечимлар ва корпоратив ахборот тизимларига ихтисослашган.
Компаниянинг Беларусдаги ишлаб чиқиш марказларида 1 700 нафардан ортиқ мутахассис меҳнат қилади. ISsoft Solutions таркибида тўртта илмий-тадқиқот лабораторияси, корпоратив ўқув маркази ва ички стартап-инкубатор мавжуд.