7
Технологиялар

Қашқадарё вилояти Хитой билан IT соҳасидаги алоқаларни ривожлантирмоқда

Қашқадарё вилояти Хитой билан IT соҳасидаги алоқаларни ривожлантирмоқда
Қашқадарё вилояти Хитой билан IT соҳасидаги алоқаларни ривожлантирмоқда / Фото: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилояти делегацияси Хитой ҳамкорлари билан бизнес-жараёнлар аутсорсинги (BPO), сунъий интеллект ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Музокаралар Аньхой провинциясининг маъмурий маркази Хэфэй шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон вакиллари ҳудуднинг инвестициявий ва технологик имкониятларини тақдим этдилар.

Вилоят ҳокимлиги иштирокида шакллантирилган делегация таркибидан Рақамли технологиялар вазирлигининг ҳудудий бошқармаси, Қашқадарёдаги IT Park филиали, Қарши давлат университети ва Қарши давлат техника университети вакиллари ўрин олди. Ишбилармонлик учрашуви Аньхой провинцияси Савдо департаменти томонидан ташкил этилди.

Департаментнинг II даражали катта инспектори Юй Сяогао билан ўтказилган музокараларда томонлар ҳудудлараро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

BPO хизматларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Zhengde Human Resources компанияси ижрочи президенти Цзян Хуа билан учрашувда халқаро буюртмачилар учун бизнес-жараёнларни масофадан туриб бажара оладиган мутахассисларни тайёрлаш ҳамда бундай фаолиятни Қашқадарё вилоятида йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Таълим соҳаси ҳам музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Hefei University of Technology вакиллари билан талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурларини ишга тушириш, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларида малака ошириш курсларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув иштирокчилари давлат хизматчиларини сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишга ўргатиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, делегация университетнинг амалий кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш ва таълим дастурларини саноат эҳтиёжларига мослаштириш бўйича тажрибаси билан танишди.

Sungrow Power Supply компанияси вакили билан учрашувда сунъий интеллект ҳисоблаш марказлари билан боғлиқ лойиҳалар ҳақида қўшимча маълумот олиш ва уларни амалга ошириш шартларини аниқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф дастури доирасида делегация Яохай туманига ҳам борди. У ерда роботлар учун маълумотлар тайёрлаш ва уларни амалий ҳаракатларни бажаришга ўргатиш майдончаси, шунингдек, аниқ ишлов бериш маркази фаолияти билан танишди.

Маҳаллий бошқарув органлари ва технологик корхоналар вакиллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида IT ва BPO хизматларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашувлар якунида Ўзбекистон томони аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шунингдек, ҳамкорлик йўналишларини янада батафсил ишлаб чиқиш учун хитойлик ҳамкорлар Қашқадарё вилоятига ташриф буюришга таклиф қилинди.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.