Технологиялар

Ўзбекистон ва NASA космик соҳада ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва NASA космик соҳада ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва NASA космик соҳада ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди / Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 

Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган 77-Халқаро астронавтика конгресси (IAC-2026) доирасида Ўзбекистон вакиллари NASA раҳбарияти билан учрашиб, космик соҳадаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашувда Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, «Ўзкосмос» агентлиги директори Шуҳрат Қодиров ва NASA маъмур ўринбосари Мэтт Андерсон иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва АҚШнинг космик соҳадаги жорий устувор йўналишлари, истиқболли қўшма лойиҳалар ва ташаббуслар, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш имкониятларини муҳокама қилди.

Космик технологияларни ривожлантириш, сунъий йўлдош маълумотларидан самарали фойдаланиш, Ерни масофадан зондлаш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, томонлар NASAнинг 2028 йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган IAC-2028 Халқаро астронавтика конгрессида иштирок этишини алоҳида муҳокама қилди.

Жумладан, учрашув иштирокчилари мазкур халқаро тадбир доирасида қўшма лойиҳалар ва илмий-техник ташаббусларни тақдим этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.

Учрашув якунида томонлар космик соҳада узоқ муддатли ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни илгари суришдан манфаатдор эканини билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.