Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркивлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг технологик парклари ва инновацион экотизимлари вакиллари ягона инновацион экотизимни ривожлантириш ҳамда стартапларни қўллаб-қувватлаш механизмларини муҳокама қилди.
Давра суҳбати ICT WEEK Uzbekistan 2026 ва ТДТ Технологик форуми доирасида бўлиб ўтди.
Тадбирда IT Park Uzbekistan бош директори Азамат Караматов, Astana Hub бош ижрочи директори Магжан Мадиев, Astana Hub Ventures бош ижрочи директори Айдана Бергазденова, High Technology Park of the Kyrgyz Republic бош ижрочи директори ўринбосари Чубак Темиров, Bilişim Vadisi халқаро алоқалар бўйича директори Сезен Гюнгёр, шунингдек, IDDA Кузатув кенгаши раисининг ўринбосари Шоҳин Алиев иштирок этди.
Иштирокчилар асосий эътиборни ТДТ мамлакатларининг технологик экотизимлари ўртасидаги амалий ҳамкорликка қаратди. Асосий вазифалар қаторида стартапларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг хорижий бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва технологик компанияларни масштаблаштириш учун шароит яратиш белгиланди.
Шунингдек, startup mobility ва soft landing дастурлари механизмлари алоҳида муҳокама қилинди. Улар стартапларга ТДТга аъзо бошқа мамлакатлар бозорларига чиқишда қўллаб-қувватлаш олиш, маҳаллий технологик экотизимлар билан танишиш ва потенциал ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш имконини беради.
Иштирокчилар технологик парклар ўртасида ҳамкорлик бўйича қўшма доиравий дастур яратиш имкониятини ҳам кўриб чиқди. Муҳокама давомида устувор бўлиши мумкин бўлган ташаббуслар, мувофиқлаштириш механизмлари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Яна бир йўналиш технологик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш орқали қўллаб-қувватлаш бўлди. Экосистема вакиллари инвесторлар тармоғини ривожлантириш, биргаликда инвестиция киритиш механизмлари ва ТДТ ҳудудида стартаплар учун қўшма инвестиция воситаларини яратиш истиқболларини муҳокама қилди.
Давра суҳбати ташкилотга аъзо мамлакатлар технологик парклари ўртасида тажриба алмашиш ва минтақавий ҳамкорликнинг амалий воситаларини муҳокама қилиш майдонига айланди.
ТДТ мамлакатлари бозорларида стартапларнинг ўз иштирокини кенгайтириши ва технологик компаниялар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини берадиган ўзаро боғлиқ инновацион экотизимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.