Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлигида Bouygues Bâtiment International компаниясининг Марказий Осиё бўйича бош директори Алексис Рехов билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Учрашувда француз компанияси вакилларига Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, инвестиция имкониятлари ва амалдаги имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашув давомида томонлар маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва рақамли инфратузилма соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди. Шунингдек, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишнинг техник ва ташкилий масалалари бўйича дастлабки фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар истиқболли лойиҳаларни биргаликда илгари суриш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида доимий ишчи мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.