Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — UniversalBank 28 сентябрь куни умумий қиймати 10 млн долларлик валюта облигацияларини жойлаштиришни бошлайди. Қимматли қоғозларнинг даромадлилиги йиллик 8,5 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот портали маълумотлари далолат бермоқда.
UniversalBank облигацияларини чиқариш тўғрисидаги қарорни банк кузатув кенгаши 18 август куни қабул қилган. Қимматли қоғозларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни 11 сентябрь куни якунланган.
Бир облигациянинг номинал қиймати 100 долларни, муомала муддати эса икки йилни ташкил этади. Купон даромади ҳар чоракда тўлаб борилади.
Облигацияларни жойлаштириш 28 сентябрь, душанба куни бошланади.
Бозорда бошқа валюта облигациялари чиқарилиши ҳам режалаштирилмоқда. Poytaxt Bank йиллик 8,5 фоиз даромадли 10 млн долларлик облигацияларни жойлаштиришни режалаштирган. Agat Credit эса йиллик 11,5 фоиз даромадли 10 млн долларлик облигацияларни чиқаради. Asia Alliance Bank 25 сентябрь куни 20 млн долларлик облигацияларни йиллик 7 фоиз даромад билан жойлаштиради.