Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобат қўмитаси «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг тизимига кирувчи корхоналарга нисбатан тадбиркорлардан электр тармоқларига қайта уланиш учун ҳақ ундирилгани ҳолатлари бўйича иш қўзғатди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Аввалроқ тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чоралари доирасида электр энергияси учун қарздорликни сўндиргандан сўнг корхоналарни электр тармоқларига қайта улаш учун жарималар ва қўшимча тўловлар бекор қилинган эди.
Давлат органларига мазкур нормаларни қўшимча қонуности ҳужжатлар қабул қилинишини кутмасдан, бевосита қўллаш топширилган.
Белгиланган талабларга мувофиқ, Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига ўзгартишлар киритилиб, аввал электр тармоқларидан узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш учун тўловлар бекор қилинган.
Шу билан бирга, Бизнес-омбудсман томонидан Рақобат қўмитасига тақдим этилган маълумотлар таҳлили ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан асоссиз даромад олингани аломатларини аниқлади.
Идора маълумотларига кўра, 2025 йил 23 августдан 2026 йил февраль ойига қадар республика бўйича 965 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларидан электр тармоқларига қайта уланиш учун 5,5 млрд сўм ундирилган.
Аниқланган ҳолатлар муносабати билан Рақобат қўмитаси «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг тизимига кирувчи корхоналарга нисбатан иш қўзғатди.
Айни пайтда иш ҳолатлари манфаатдор давлат органлари иштирокида ўрганилмоқда ва тегишли ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Қўшимча маълумотлар иш кўриб чиқилиши якунлари бўйича тақдим этилади.