Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жанубий Кореяга ишчи ташрифи доирасида Инха университети президенти Ки Ён Чхве билан учрашди.
Томонлар Тошкентдаги Инха университетини янада ривожлантириш, шунингдек, унинг Ўзбекистон ва Жанубий Кореядаги кампуслари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Учрашув якунлари бўйича Тошкентдаги Инха университети ва Жанубий Кореядаги Инха университети янги беш йиллик Royalty Agreement келишувини имзолади.
Ҳужжат академик дастурларни янгилаш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, қўшма магистратура ва илмий-тадқиқот дастурларини йўлга қўйишни назарда тутади.
Томонлар Инха университетининг Фарғона кампусини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Сунъий интеллект, киберхавфсизлик, муҳандислик ва космик технологиялар соҳаларида қўшма таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, томонлар PhD дастурлари ва илмий стажировкаларни ривожлантириш, Summer School ташкил этиш ҳамда Фарғона кампусининг салоҳиятини ошириш чораларини кўриб чиқди.
Вазирлик таъкидлашича, эришилган келишувлар Ўзбекистонда замонавий IT мутахассисларини тайёрлаш, таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Инха университетининг таълим имкониятларини оширишга қаратилган.