IT Park Uzbekistan ёшларни иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan мамлакат бўйлаб мутахассислар, талабалар ва битирувчиларни иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириб, маҳаллий ва халқаро компаниялар учун ягона номзодлар базасини шакллантирмоқда.
Рўйхатдан ўтган иш изловчиларнинг резюмелари тегишли бўш иш ўринлари ва мутахассисларга эҳтиёж мавжуд бўлган тақдирда компанияларга, жумладан, IT Park Uzbekistan резидентларига тақдим этилиши мумкин.
Базада номзодларнинг касбий тажрибаси, ихтисослиги, хорижий тилларни билиши ва афзал кўрадиган иш формати ҳисобга олинади. Ташаббус Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади ва иш берувчиларга нафақат Тошкентдаги, балки бошқа ҳудудлардаги мутахассисларни ҳам кўриб чиқиш имконини беради.
Компанияларнинг эҳтиёжи фақат анъанавий IT касблари билан чекланмайди. Талаб юқори бўлган мутахассислар қаторида дастурчилар, QA муҳандислари, маълумотлар билан ишлаш бўйича мутахассислар ва дизайнерлар, шунингдек, маркетинг, савдо, мижозларга хизмат кўрсатиш, молия, бухгалтерия ҳисоби ва маъмурий бошқарув соҳалари ходимлари бор.
BPO ва колл-марказлар учун кадрлар танлаш ҳам алоҳида йўналиш бўлиб қолмоқда. Халқаро бозорлар ва хорижий мижозлар билан ишлайдиган компаниялар хорижий тилларни биладиган мутахассисларга ҳам қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, инглиз, рус, немис, француз, испан, турк, араб, хитой, япон ва корейс тилларини биладиган номзодларга талаб мавжуд.
Иш берувчининг талабларига қараб, иш изловчиларга офис, гибрид ёки масофавий ишлаш форматлари таклиф қилиниши мумкин. Бу ҳудудлардаги мутахассислар учун имкониятларни кенгайтиради ва компанияларга Тошкентдан ташқари ҳудудлардан ҳам ходим излаш имконини беради.
Номзодлар базасини шакллантириш воситаларидан бири Talent Park лойиҳасидир. Иш изловчилар махсус бот орқали резюме юбориб, ўз тажрибаси, кўникмалари ва касбий йўналиши ҳақида маълумот кўрсатиши мумкин. Мос бўш иш ўринлари пайдо бўлганида, номзод профили IT Park Uzbekistan резидентлари ҳамда йирик маҳаллий ва халқаро компанияларга кўриб чиқиш учун тақдим этилиши мумкин.
Карьера имкониятлари ва очиқ вакансиялар ҳақидаги долзарб маълумотлар ҳам лойиҳанинг Telegram-каналида эълон қилиб борилади.
Базада рўйхатдан ўтиш автоматик равишда ишга жойлашишни англатмайди ва вакансия олишни кафолатламайди. Шу билан бирга, бу мутахассисларга ўз касбий профилини эҳтимолий иш берувчиларга тақдим этиш ва номзодларни кейинги танлаш жараёнида иштирок этиш учун қўшимча имконият беради.
Резюме қолдириш учун @talentparkbot ботидан, долзарб имкониятлар ҳақида маълумот олиш учун эса @talentparkuz Telegram-каналидан фойдаланиш мумкин.