Технологиялар

Ўзбекистонда Yandex Go хизматлари фаолиятида узилишлар кузатилмоқда

Ўзбекистонда Yandex Go хизматлари фаолиятида узилишлар кузатилмоқда
Ўзбекистонда Yandex Go хизматлари фаолиятида узилишлар кузатилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 11 октябрь куни Ўзбекистонда Yandex Go’нинг айрим хизматлари вақтинча ишламай қолди ёки узилишлар билан ишламоқда. Yandex Uzbekistan компанияси техник муаммолар мавжудлигини тасдиқлаб, мутахассислар платформани қайта тиклаш устида ишлаётганини маълум қилди.

Компания ҳозирча носозликни бартараф этишнинг аниқ муддатини айта олмаяпти. Yandex Uzbekistan вакиллари Ўзбекистондаги узилишлар Россиядаги «Яндекс» инфратузилмасида юз берган ҳодиса билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигига ҳам аниқлик киритмади.

«Ҳозир Yandex Go’нинг Ўзбекистондаги айрим хизматлари ишламаяпти ёки узилишлар билан ишламоқда. Ҳозирча аниқ муддатни айта олмаймиз, аммо бу ерда текширилган маълумотларни бериб борамиз. Кундалик ишларингизда яна ёрдам бера олишимиз учун хизматларимиз тезроқ тикланишини интиқлик билан кутяпмиз», — дейилади Yandex Uzbekistan хабарida.

11 октябрь куни эрталаб Yandex Cloud Владимир шаҳридаги маълумотлар маркази инфратузилмаси дронлар ҳужуми оқибатида шикастланганини маълум қилди. Объект фаолияти тўлиқ тўхтатилган. Компания маълумотига кўра, жабрланганлар йўқ, ҳодиса жойида тегишли хизматлар иш олиб бормоқда.

Дастлаб мутахассислар Yandex Cloud’нинг мавжудлик зоналаридан бирида электр таъминоти билан боғлиқ узилишларни қайд этган. Кейинчалик булутли платформа фавқулодда ишлаш режимига ўтказилиб, айрим хизматлар бошқа зоналарга кўчирилган. Баъзи компонентлар эса чекловлар билан ишлашда давом этган.

«Яндекс» хизматларидаги муаммолар ҳақида бошқа мамлакатлардаги фойдаланувчилар ҳам хабар берган. Россиядаги узилишлар Yandex Go, «Яндекс Еда», «Яндекс Карты», Yandex Pro ва компаниянинг булутли инфратузилмасидан фойдаланувчи бир қатор ташқи сервисларга таъсир кўрсатган.

Yandex Uzbekistan носозлик ва хизматлар фаолиятини тиклаш муддатлари ҳақидаги маълумотлар тасдиқланганидан сўнг қўшимча ахборот беришини билдирди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.