Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Сеул шаҳридаги LG Innovation Gallery’га ташриф буюриб, LG Group компаниясининг технологик ишланмалари билан танишди.
Кўргазма маркази Кансон округининг Магок ҳудудида жойлашган LG Sciencepark мажмуасида ўрин олган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
LG Innovation Gallery’да LG Group’нинг замонавий технологиялари, инновацион ишланмалари ва истиқболли ечимлари ягона кўргазма маконида тақдим этилган.
Ташриф давомида делегация аъзоларига марказ фаолияти ва унда намойиш этилган технологик ишланмалар ҳақида маълумот берилди. Сунъий интеллект ва робототехника соҳасидаги ечимлар, OLED-дисплейлар, Smart Home ва IoT технологиялари, connected car, биотехнологиялар ҳамда бошқа йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Робототехника ҳудудида делегацияга сунъий интеллект, дисплей технологиялари ва электрон компонентлар асосида ишлаб чиқилган замонавий ечимлар намойиш этилди.
Шунингдек, LG ThinQ сунъий интеллект платформаси асосида ишлаб чиқилган Smart Home технологиялари алоҳида тақдим этилди. Улар турли «ақлли уй» қурилмаларини ягона тизимга бирлаштириш ва уларни бошқариш имконини беради.
LG Innovation Gallery’га ташриф Фарғона вилояти делегациясига LG компаниясининг илғор ишланмалари ва компаниянинг инновацион мажмуасида тақдим этилган замонавий технологик ечимлар билан танишиш имконини берди.