Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 13 октябрда FIRST Global Challenge халқаро робототехника мусобақаси ғолиблари ва уларнинг мураббийларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон терма жамоасининг 14 нафар аъзоси — иштирокчилар, мураббийлар ва менежерлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Мусобақа Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда тахминан 190 та мамлакатдан ёшлар иштирок этди. Фармонда қайд этилишича, Ўзбекистон терма жамоаси рекорд натижа кўрсатиб, жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.
Терма жамоа бош мураббийи Зиёдулла Бутахонов «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.
Жамоа капитани Иброҳим Саломов, техник мураббий Абдуллоҳ Абдужабборов ҳамда менежерлар Сафина Тешабаева ва Ҳасанхон Юсупхўжаев «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди.
Шунингдек, терма жамоанинг тўққиз нафар аъзоси — Шоҳруҳбек Акбаров, Акбаршоҳ Қосимов, Аюбхон Мираҳмедов, Умарбек Пардаев, Шукрулло Содиқов, Маҳкамбек Тешабаев, Жасурбек Тожикузиев, Баходир Урманов ва Хондамир Урманов ҳам «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди.
Фармонда таъкидланишича, жамоа юқори интеллектуал салоҳияти, касбий маҳорати, замонавий муҳандислик соҳасидаги чуқур билим ва малакаси учун мукофотланган.
Шунингдек, терма жамоанинг Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш, ёшларни илм-фан, илғор технологиялар, ихтирочилик ва инновацияларга жалб этишга қўшган ҳиссаси ҳам эътироф этилган.