Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzcosmos агентлиги ва STAR.VISION гиперспектрал сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
Ҳужжат «Samarkand 2028» сунъий йўлдошидан олинган тасвирлар асосида амалий ечимларни синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқиш бўйича биргаликда ишлашни назарда тутади.
Имзолаш маросимида Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Uzcosmos директори Шуҳрат Қодиров ва STAR.VISION гуруҳи бош директори Danying Fan иштирок этди. Бу ҳақда Uzcosmos хабар берди.
Меморандум доирасида томонлар гиперспектрал маълумотларни амалиётда қўллаш имкониятларини ўрганиш, шунингдек, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янги технологияларни синовдан ўтказишни режалаштирмоқда.
Ишлаб чиқилган ечимларни кейинчалик тижоратлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Томонлар олинган маълумотлардан космик технологиялар ва сунъий йўлдош ахбороти асосида амалий ечимлар яратишда фойдаланиш имкониятларини баҳолаш ниятида.
Uzcosmos таъкидлашича, STAR.VISION билан ҳамкорлик космик технологиялар ва сунъий йўлдош маълумотларидан самарали амалий фойдаланиш учун янги имкониятларни очади.