Технологиялар

IT Park ва Уммон стартапларни бозорларга олиб чиқишни муҳокама қилди

IT Park ва Уммон стартапларни бозорларга олиб чиқишни муҳокама қилди
IT Park ва Уммон стартапларни бозорларга олиб чиқишни муҳокама қилди  / Фото: IT Park Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan ва Уммоннинг Knowledge Oasis Muscat (KOM) технопарки стартаплар ва IT компанияларни икки мамлакат бозорларига олиб чиқиш, шунингдек, инкубация ва бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди. Музокаралар ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида бўлиб ўтди.

Учрашувда компанияларни икки томонлама алмашиш, яъни ўзбекистонлик стартаплар ва IT компанияларни Уммон бозорида илгари суриш ҳамда уммонлик бизнес вакилларини Ўзбекистондаги имкониятлар билан таништириш масалалари кўриб чиқилди.

Knowledge Oasis Muscat 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, Madayn ташкилоти томонидан бошқарилади. Технопарк экотизимида Ericsson, Oracle, HP, Microsoft ва Huawei каби компаниялар ҳам кирувчи 200 дан ортиқ компания ва ташкилот фаолият юритади.

Учрашувда KOM бош директори Жаъфар бин Муҳаммад бин Али Ал-Ажмий иштирок этди.

IT Park Uzbekistan ва Knowledge Oasis Muscat ўртасидаги музокаралар 2026 йил август ойида бошланган. Ҳамкорлик доирасида томонлар қўшма вебинарлар ўтказиш ва ўзбекистонлик компанияларни Уммон бозорига олиб чиқиш дастурини ишлаб чиқиш масалаларини кўриб чиқмоқда.

Иштирокчилар Ўзбекистон бизнеси учун Уммонда истиқболли бўлган йўналишларни, жумладан, логистика, яшил водород ва саноат технологияларини муҳокама қилди.

Бозорга чиқиш дастури маҳаллий инвесторлар ва корпоратив ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш, шунингдек, инкубация ва бизнесни қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатиш учун KOM инфратузилмасидан фойдаланишни назарда тутади.

Бундан ташқари, томонлар 2026 йил ноябрь ойида бешта ўзбек компанияси иштирокида Уммонга бизнес-миссия ташкил этиш имкониятини кўриб чиқди. Шунингдек, COMEX 2027 кўргазмасида Ўзбекистон павильонини очиш имконияти муҳокама қилинди.

Кейинчалик томонлар Уммондан ўзбек технологик компанияларининг GCC мамлакатлари бозорларига чиқиши учун майдон сифатида фойдаланишни режалаштирмоқда. Ҳамкорлик йўналишлари қаторида юмшоқ кириш (soft landing) механизмлари ва инкубация ҳам белгиланди.

Учрашув якунлари бўйича бозорга чиқиш дастурини ишлаб чиқиш ва IT Park Uzbekistan ҳамда Knowledge Oasis Muscat ўртасидаги ҳамкорликни расмийлаштириши керак бўлган меморандум устида ишларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.