Ўзбекистон

Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиянинг ҳарбий машғулотлари якунланди

Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиянинг ҳарбий машғулотлари якунланди
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиянинг ҳарбий машғулотлари якунланди / Фото: Озарбайжон Мудофаа вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжонда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ҳарбий хизматчилари иштирокидаги «Бирлик кучи – 2026» қўшма ҳарбий машғулотлари якунланди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Машғулотларнинг ёпилиш маросими ҳарбий оркестр иштирокида ўтказилди. Тадбир давомида Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон давлат мадҳиялари янгради.

Маросимда сўзга чиққанлар машғулотларни ўтказиш уч мамлакат ҳарбий хизматчиларига тажриба алмашиш, жанговар тайёргарлик даражасини ошириш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берганини таъкидлади.

Ҳарбий хизматчилар мураккаб рельефга эга ҳудудда ва реал жанговар вазиятга имкон қадар яқин шароитларда вазифаларни бажарди. Машғулотлар якунлари бўйича уларнинг профессионаллиги, тактик тайёргарлиги ва белгиланган вазифаларни бажаришдаги ҳаракатлар мувофиқлиги қайд этилди.

Расмий қисм якунланганидан сўнг машғулотлар давомида алоҳида ажралиб турган ҳарбий хизматчиларга совғалар топширилди.

«Бирлик кучи – 2026» қўшма ҳарбий машғулотлари 22 сентябрь куни бошланган. Манёврлар Қорабоғ иқтисодий ҳудудидаги «Қизилғая» ва Нахичевон Мухтор Республикасидаги «Қорабоғлар» ўқув марказларида, шунингдек, Озарбайжоннинг Каспий денгизидаги ҳудудида жойлашган «Бёюк Зиря» ўқув полигонида ўтказилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.