Технологиялар

IT Park Uzbekistan ва FutureNuri EdTech соҳасида ҳамкорликни ривожтиради

IT Park Uzbekistan ва FutureNuri EdTech соҳасида ҳамкорликни ривожтиради
IT Park Uzbekistan ва FutureNuri EdTech соҳасида ҳамкорликни ривожтиради / Фото: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan ва Жанубий Кореянинг FutureNuri компанияси EdTech ва рақамли технологиялар соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолади. Томонлар, шунингдек, FutureNuri компаниясининг Ўзбекистон бозорига кириш ва Марказий Осиёдаги фаолиятини кейинчалик ривожлантириш режаларини муҳокама қилди.

2026 йил 10 сентябрь куни Сеул шаҳрида IT Park Uzbekistan ижрочи директори Жаҳонгир Ражабов бошчилигидаги делегация FutureNuri бош директори Jeong Ho Choo билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида FutureNuri компаниясини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш, офис очиш, IT Park резиденти мақомини олиш, маҳаллий мутахассисларни танлаш ва офис инфратузилмасини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, халқаро технологик компаниялар учун мавжуд қўллаб-қувватлаш чоралари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида имзоланган англашув меморандуми томонларнинг кейинги ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб берди ҳамда EdTech, рақамли кутубхоналар, сунъий интеллект асосидаги ечимлар ва рақамли трансформация соҳаларида қўшма ташаббуслар учун асос яратди.

FutureNuri рақамли кутубхона платформалари, академик ахборот тизимлари ва кутубхоналар фаолиятини автоматлаштириш ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга ихтисослашган. Компания маҳсулотларидан университетлар, жамоат кутубхоналари, давлат ва академик муассасаларни ўз ичига олган қарийб 800 та ташкилотда фойдаланилади.

Компания, шунингдек, кутубхоналар ва билимларни бошқариш тизимлари учун сунъий интеллект асосидаги ечимларни ривожлантирмоқда. 2026 йил январь ойида FutureNuri кутубхона хизматлари ва ахборот билан ишлашда сунъий интеллектдан фойдаланишга мўлжалланган futurenuri.ai платформасини ишга туширди.

FutureNuri Ўзбекистонда ўзининг биринчи хорижий офисини очиш ҳамда Марказий Осиёда EdTech ва рақамли кутубхоналар соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганишдан манфаатдор эканини билдирди. Компания маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.

IT Park Uzbekistan FutureNuri вакилларини 22–25 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган ICT WEEK Uzbekistan 2026 тадбирида иштирок этишга таклиф қилди.

Тадбир доирасида компания Ўзбекистоннинг технологик экотизими билан танишиши, маҳаллий ташкилотлар ва эҳтимолий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиши мумкин.

Томонлар FutureNuri компаниясининг Ўзбекистон бозорига кириши, маҳаллий фаолиятини йўлга қўйиши ҳамда Ўзбекистон ва Марказий Осиёда янги лойиҳаларни тайёрлаш масалалари бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.