Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги 2026 йил 6 ноябрь куни Андижон вилояти ҳокимлигига миллий ва хорижий валютадаги эмитентнинг узоқ муддатли кредит рейтингларини «BB-» даражасида белгилади. Рейтинглар бўйича прогноз барқарор. Бу ҳақда S&P Global Ratings хабар берди.
Агентлик баҳолашига кўра, Ўзбекистоннинг шарқий чеккасида, Фарғона водийсида жойлашган Андижон мустаҳкам молиявий кўрсаткичлари ва тижорат қарзининг йўқлиги туфайли устунликка эга. Таҳлилчилар вилоятнинг паст фаровонлик даражаси ҳамда институционал муҳитнинг беқарорлиги туфайли юзага келаётган ноаниқликни чекловчи омиллар сифатида қайд этган. Бу ҳолат прогноз қилиш имкониятларини чеклайди.
Барқарор прогноз бир томондан бюджет мувозанатини сақлаш тажрибаси ва вилоят қарз юкининг пастлиги, иккинчи томондан эса Ўзбекистонда маҳаллий ва минтақавий ҳокимият органлари фаолиятини тартибга солувчи тизимнинг беқарорлиги билан боғлиқ хатарлар ўртасидаги мувозанатни акс эттиради. Бюджет бўйича асосий қарорларни марказий ҳукумат қабул қилади, Андижон каби ҳудудларнинг бу қарорларга таъсир кўрсатиш имкониятлари чекланган.
S&P маълумотларига кўра, марказий ҳукуматнинг асосий солиқлар, трансфертлар ва харажатлар бўйича ваколатларга доир сиёсати тез-тез ўзгариб туради. Бундай ўзгаришлар охирги марта 2025 йил охирида юз берган.
Бу эса вилоят даромадлари ва харажат мажбуриятларининг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ўрта муддатли режалаштиришни қийинлаштиради.
Таҳлилчилар фикрича, қарз ва ликвидликни бошқариш амалиёти ҳали дастлабки босқичда. Масалан, маблағларни тижорат банкларига жойлаштириш амалиёти фақат 2026 йилда жорий этилган ва ушбу механизмнинг самарадорлигини ҳали баҳолаш лозим.
Агентлик вилоят иқтисодиётини миллий ва халқаро миқёсда заиф деб баҳолайди. Жон бошига ялпи ички маҳсулот 2,8–2,9 минг доллар ёки мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичнинг тахминан 64 фоизи даражасида баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, Андижон саноат жиҳатидан нисбатан ривожланган ҳудудлар қаторига киради. Вилоят мамлакатда тўртинчи ўринни эгаллайди ва Ўзбекистон саноат ишлаб чиқаришининг 10,5 фоизини таъминлайди. Бу, асосан, Асака шаҳридаги UzAutoMotors заводи атрофида шаклланган автомобиль кластерининг ҳиссаси билан боғлиқ. S&P баҳолашича, 2027–2028 йилларда жон бошига ЯИМнинг реал ўсиши мамлакат бўйича бўлгани каби, тахминан 6,5 фоизни ташкил этади.
Агентлик бюджет кўрсаткичлари юқори даражада сақланишини кутмоқда. Прогнозга кўра, келгуси уч йилда Андижон вилоятида бюджет мувозанатли бўлади ёки кичик профицит қайд этилади.
S&P маълумотларига кўра, 2025 йилда вилоятнинг операцион даромадлари 6,27 триллион сўмни, операцион харажатлари 6,21 триллион сўмни, операцион баланси эса 62,5 миллиард сўмни ташкил этган. 2026 йилда агентлик операцион даромадлар тахминан 6,2 триллион сўмга, операцион профицит эса 45,8 миллиард сўмга етишини кутмоқда.
Вилоят бюджети харажатларининг 80 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилади. Бу эса бюджетнинг мослашувчанлигини чеклайди. S&P прогнозларига кўра, ҳудуднинг инфратузилмага кўпроқ сармоя киритиш мақсадига мувофиқ, капитал харажатлар 2026 йилдаги 292 миллиард сўмдан 2027 йилда 650 миллиард сўмгача ошади. Ушбу инвестициялар, асосан, марказий бюджетдан ажратиладиган капитал трансфертлар ҳисобидан молиялаштирилиши кутилмоқда.
Қарз юки жуда паст даражада қолмоқда. Амалдаги қонунчилик маҳаллий ва минтақавий ҳокимият органларига тижорат асосида қарз олишни тақиқлайди. Бюджет тақчиллиги юзага келган тақдирда, у марказдан қўшимча трансфертлар ажратиш орқали қопланади.
Андижоннинг тижорат қарзи мавжуд эмас, марказий бюджет олдидаги қарзи эса трансфертларни ҳисобга олган ҳолда операцион даромадларнинг 1 фоизидан ошмайди. 2025 йил охирида тўғридан-тўғри қарз 22,5 миллиард сўмни ёки операцион даромадларнинг 0,4 фоизини ташкил этган.
Вилоят ҳокимияти билан боғлиқ ташкилотлар сектори кичик ҳажмга эга. Ҳокимлик тахминан 50 та компанияда улушга эга бўлиб, уларнинг аксарияти фермер бозорларидир. Вилоят томонидан ушбу компанияларга субсидиялар ажратиш, капитал киритиш ёки фавқулодда молиявий ёрдам кўрсатиш ҳолатлари қайд этилмаган. Вилоятнинг туман ва шаҳарлари ҳам марказий ҳукумат кўмаги туфайли молиявий барқарорликни сақлаб келмоқда.
Қарз деярли мавжуд эмаслиги шароитида вилоят ликвидлиги ишончли даражада сақланиши кутилмоқда. Андижон ликвидлик тақчиллигини қоплаш учун имтиёзли шартларда бюджет ссудаларини олиш ҳуқуқига эга. S&P баҳолашига кўра, мамлакатда капитал бозори ва банк сектори заифлиги сабабли ташқи молиялаштириш имкониятлари чекланган.
Агар Андижон ва марказий ҳукумат ўртасидаги муносабатлар ўзгариши ҳудудни қўллаб-қувватлашни сусайтирса ва бу бюджет кўрсаткичлари ёки қарз ҳолатининг ёмонлашишига олиб келса, агентлик рейтингни пасайтириши мумкин.
Узоқроқ истиқболда маҳаллий ва минтақавий ҳокимият органлари учун институционал муҳит сезиларли даражада мустаҳкамланса, янада прогноз қилинадиган ва шаффоф бўлса, шунингдек, ҳудудларнинг марказий ҳукумат қарорларига таъсир кўрсатиш имкониятлари кенгайса, рейтинг оширилиши мумкин.
Бундан ташқари, Андижоннинг ўзида молиявий бошқарув сифати ҳам яхшиланиши лозим.