Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида Чирчиқ дарёсининг ўнг қирғоғида қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди.
Қоидабузарлик «Нурафшон» маҳалласи ҳудудида тунги рейд ўтказаётган Экология полицияси ходимлари томонидан аниқланган.
Текширув маълумотларига кўра, қазиб олинган материаллар яқин атрофда жойлашган тош майдалаш корхонасига ташилган.
Бундан ташқари, инспекторлар қазиб олиш натижасида ҳосил бўлган чуқурликларнинг бир қисми қурилиш чиқиндилари билан тўлдирилиб, кейин тупроқ билан кўмилганини аниқлаган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан транспорт воситалари ҳайдовчиларидан тушунтириш хатлари олинган, тегишли далолатномалар расмийлаштирилган. Автомобиллар эса жарима майдончасига жойлаштирилган.
Шунингдек, ноқонуний қазиб олинган қум-шағал аралашмасининг аниқ ҳажмини белгилаш мақсадида мутахассислар томонидан ўлчов ишлари ўтказилган.
Якуний хулоса олингандан сўнг, қоидабузарликларга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш учун материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш режалаштирилган.