Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда «Радар» огоҳлантирувчи белгиларини ўрнатиш тартиби ўзгартирилди. Энди бундай белгилар фақат тезликни назорат қилувчи стационар қурилмалар олдига ўрнатилиши керак.
Ушбу талаб мобил радарларга нисбатан татбиқ этилмайди. Ўзгартишлар 2026 йил 29 октябрдаги 596-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатнинг янги таҳририга мувофиқ, огоҳлантирувчи белги стационар радардан 250 метрдан 500 метргача масофада ўрнатилиши лозим. Бунда тегишли меъёрда мобил қурилмалар ҳақидаги аввалги қайд чиқариб ташланган.
Йўл ҳаракати қоидаларининг 5.43-бандига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди.
Шу тариқа, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг янгиланган қоидалари ҳайдовчиларни тезликни назорат қилувчи стационар воситалар жойлашган ҳудудлар ҳақида огоҳлантириш мажбуриятини белгилайди. Бу талаб мобил қурилмаларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Аввал мазкур тартиб 2025 йил 15 майдаги 318-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорининг 9-банди билан белгиланган эди.
Унда тезликни назорат қилиш учун стационар радарлар ўрнатилган йўл участкаларида «Радар» белгисини ўрнатиш назарда тутилган. Ушбу талаб 2025 йил 1 сентябрдан кучга кирган.
Янги ўзгартишлар йўл камераларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилаётган бир пайтда қабул қилинди.
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорларга ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлик камарини тақмаган ҳолатларини қайд этиш учун хусусий камералардан фойдаланишга рухсат берилди.