Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида 2026 йил бошидан буён маҳкумларнинг қариндошлари билан 64 мингдан ортиқ узоқ муддатли ва 30 мингдан ортиқ қисқа муддатли учрашувлари ташкил этилди. Шунингдек, 215 мингдан зиёд телефон орқали суҳбат ўтказилди.
Бу маълумотлар 6 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.
Қўмита маҳкумларнинг яқинлари билан учрашиш, посилка, йўқлов ва бандероллар олиш, видеомулоқот ҳамда телефон орқали алоқа қилиш ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил ўрганиши натижаларини сарҳисоб қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси хабар берди.
Ўрганиш Навоий ва Бухоро вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасалари мисолида ўтказилди.
Текширув давомида маҳкумларнинг учрашувлари, посилка ва йўқловларни қабул қилиши, видеомулоқот ва телефон орқали суҳбатлашиши учун яратилган шароитлар, шунингдек, қонунчилик талабларига риоя этилиши баҳоланди.
Жумладан, учрашув хоналарининг ҳолати, санитария ва хавфсизлик талабларига амал қилиниши, шахсий буюмларни сақлаш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш жараёнлари алоҳида ўрганилди.
Йиғилишда депутатлар, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари, соҳавий мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда жазони ижро этиш муассасаларида сақлаш шароитларини изчил яхшилаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Охирги икки йилда тўққизта муассасадаги учрашув хоналари таъмирланиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
Депутатлар масъулларга учрашувларни ташкил этиш тартиби, мавжуд инфратузилманинг имкониятлари ва рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича саволлар берди.
Хусусан, учрашув хоналари мавжуд талабни қондира олиши, фуқароларни қабул қилиш ва учрашувларга киритиш жараёнини тезлаштириш, навбатларни электрон шаклга ўтказиш имкониятлари билан қизиқилди.
Парламентарийлар кутиш вақтини қисқартириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, рақамли ечимларни жорий этиш чоралари ва келгуси режалар ҳақида ҳам сўради.
Видеомулоқотларни ташкил этиш масаласи, айниқса, жазони ижро этиш муассасаларидан узоқда яшайдиган маҳкумларнинг қариндошлари учун бундай имкониятларни кенгайтириш атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, посилка, йўқлов ва бандеролларни қабул қилиш тартибини соддалаштириш, маҳкумларни зарур товарлар билан таъминлашнинг муқобил усулларини кенгайтириш ҳамда телефон алоқасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Муҳокама якунлари бўйича учрашувларни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, инфратузилмадан самарали фойдаланиш, рақамли технологияларни жорий этиш, масофавий мулоқот имкониятларини ривожлантириш ва фуқаролар учун қулайликларни ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Қўмита тегишли қарор қабул қилди ва ушбу йўналишдаги ишларни парламент назорати доирасида давом эттиришини таъкидлади.